Annotatsiya

Аннотация. Фосфорли ўғитлар ишлаб чиқаришда ишлатиладиган хомашёларнинг стехиометрик миқдорларини белгилаш мақсадида ювиб куйдирилган фосфорит концентрати кимёвий таркиби асосида унинг минералогик таркиби аниқланди. Минералогик таркибга асосланган ҳолда оддий суперфосфат ишлаб чиқариш асосий хомашёлари – ювиб куйдирилган фосфорит концентрати, сув ва сульфат кислотанинг стехиометрик миқдорларини ҳисобланди.

Кириш. Дунё аҳолиси эса жуда тез суратларда ўсиб бормоқда. Агар ер юзида 1950 йилда 2,5 млрд одам яшаган бўлса, 2000 йилда 6,5 млрд, 2022 йилда 8 млрд бўлиб, 2050 йилда аҳоли сони 9 миллиардга етади [1, 2].

Агар қишлоқ хўжалигида ўғитлардан фойдаланилмаса, ҳозирги пайтда ер юзидаги атиги 3 миллиарддан кўп бўлмаган аҳолинигина боқиш мумкин бўлар эди. Аҳоли жон бошига тўғри келадиган экин майдонлари эса йилдан-йилга камайиб бормоқда: 2000 йилдаги 0,22 га майдон ўрнига 2020 йилда 0,18 га бўлган, 2050 йилда эса 0,07 га гача тушиши мумкин. Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини жадаллаштириш, шу жумладан, минерал ўғитлардан самарали фойдаланиш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг ягона ечимига эришилади. Шу сабабли ҳам бутун дунёда ишлаб чиқарилаётган минерал ўғитларнинг кўлами ва ассортименти кенгайиб бормоқда [3].

Ҳозирги пайтда дунёда фосфатли хомашёларга бўлган талаб йилига 190 млн тонна ёки 43 млн тонна Р2О5 ни ташкил этади. Фосфатли хомашёларга бўлган талаб 2030 йилга қадар эса 2 млн тоннага ўсиши кутилмоқда. 2050 йилга келиб эса хомашёга талаб фосфатли хомашё бўйича 220 млн тонна ёки 70 млн тонна Р2О5 га етади [4].

#Калит сўзлар: табиий фосфат #фосфорит #фосфатли хомашё #фосфат концентрати #кимёвий таркиб #минералогик таркиб #кислота меъёри #ўғит #фосфорли ўғит #оддий суперфосфат.